ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОРЛАР ИЖРОГА ҚАРАТИЛДИ
Жорий йилнинг 6 август куни Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев раислигида “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида” ги ва “Сурхондарё вилоятида Қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорларини аҳамияти ва мазмунини шахсий таркибга ва тегишли федерация аъзоларига етказишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Туризм ва спорт вазирлиги, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти, Улоқ-кўпкари, Замонавий бешкураш ва Поло федерациялари, Миллий гвардия таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимияти мутасадди раҳбарлари иштирок этдилар.
Миллий гвардия қўмондони ўзининг маърузасида мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантириш, янги авлод чавандозларини тайёрлаш ва тарбиялаш, ёшлар ўртасида от спортини фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ушбу спорт турларининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш ва энг асосийси Миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳамда уларни от спортига кенг жалб этиш каби кенг қамровли вазифалар юртбошимиз томонидан Миллий гвардияга ишониб топширилганига алоҳида урғу бериб бу биз учун шараф эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, ушбу қарорларни тайёрланишида бевосита иштирок этган масъул ходимлар Миллий гвардиянинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари шахсий таркиби ва федерация ходимларига мазкур ҳужжатда белгиланган концептуал масалалар, жумладан, Миллий гвардия ҳамда тегишли федерацияларнинг ҳамкорликдаги асосий вазифалари ҳақидаги маълумотларни етказишди.
Йиғилиш иштирокчиларининг чиқишлари асосида мазкур қарорларнинг ижросини таъминлаш, идоралараро ҳамкорликни давом эттириш, қарорларда мустаҳкамланган ҳамда ушбу йўналишларда ишлаб чиқилган йўл хариталарида белгиланган вазифаларни самарали бажариш юзасидан аниқ вазифалар белгиланиб, тегишлилиги бўйича масъулларга топшириқлар берилди.