Минтақавий ўқув марказларида навбатдаги битирувчиларга тантанали равишда сертификатлар топширилди
Миллий гвардия Тошкент шаҳар, Фарғона ва Жиззах вилоят минтақавий ўқув марказларида ўқув йиғинларини муваффақиятли тамомлаган "Қўриқлаш" бўлинмаларининг сафдор ходимларига сертификатлар топшириш маросимига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Белгиланган ўқув курслари давомида тингловчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жисмоний-жанговар қобилиятини кучайтириш, фавқулодда ҳолатларда гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш ҳамда жамоавий ишлаш принциплари, тезкор вазиятларда аниқ, хатосиз қарорлар қабул қилиш қобилиятларини янада кучайтириш мақсадида психологик тренинглар ташкил этилиб, уларнинг психоэмоционал ҳолатлари мустаҳкамланди.
Шунингдек, ўқув жараёнларида фаоллик кўрсатиб сафдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ Ватан ҳимоячиларига ўқув марказларининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Сўзга чиққанлар тингловчиларни сертификатлар қабул қилганликлари ва ўқув йиғинини муваффақиятли якунлаганликлари билан муборакбод этиб, халқимиз осойишталиги йўлида олиб бораётган шарафли хизмат фаолиятларида улкан зафарлар тилашди.