"Ўзбекистонда оила ва хотин-қизларга психологик хизмат кўрсатиш ҳолати ва мавжуд муаммолар" мавзусида анжуман ўтказилди.
Мазкур анжуманда Бош вазир ўринбосари-Оила ва хотин қизлар давлат қўмита раиси Зулайҳо Маҳкамова, Республика Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник Сарвар Мамаюсупов, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Умида Абдуллаева, Халқ таълими вазирининг маслаҳатчиси, психология фанлари доктори, профессор Ғайрат Шоумаров, Ўзбекистон халқаро Ислом Академияси бўлими бошлиғи Зебо Касимова ва Болалар психологияси маркази раҳбари Наталья Попова, пойтахтимиздаги маҳалла раисларининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Миллий гвардия психологлари, Тошкент таълим муассасалари ва Ўзбекистон психологлар ассоциациясидан масъул вакиллар иштирок этди.
Сўз олган масъул раҳбарлар ўзларининг маърузаларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида бир қанча самарали ишлар амалга оширилаётганлиги, лекин, оилалардаги нотинчлик, зўравонлик, тазйиқ, оилавий муносабатлар, фарзандлар тарбиясидаги айрим камчиликлар ўрганилганда психологлар кўмагига эҳтиёж борлиги, кузатувлар давомида психологик кўмакка муҳтож хотин-қизлар ижтимоий тармоқлардаги турли психологик вебинарларда айтилаётган фикрлар таъсирига тушиб қолиб, оила учун салбий таъсир кўрсатаётганлиги айтиб ўтилди.
Хотин-қизларнинг психологик саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг барқарор ижтимоий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш, турли хил зўравонлик кўринишларининг олдини олиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Миллий гвардия вакиллари томонидан нафақат ҳарбий хизматчи ва ходимлар, балки аҳоли ўртасида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибалар ҳақида сўз юритилди.
Конференция иштирокчилари эътиборига кўчма психологик ёрдам кўрсатиш маркази учун жиҳозланган автобус тақдим этилди.
Анжуман давомида иштирокчилар Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон психологлар ассоциацияси вакилларига ўзларининг қизиқтирган саволларини бериш имкониятига эга бўлдилар ва улар ҳам ўз фикр ҳамда таклифларини билдириб, долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Конференция мобайнида хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари мавзусида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик, тиббий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга оширишда шу соҳа мутахассислари учун келгусидаги фаолиятларини белгилаб олиш имкониятини яратиш мақсадида Психологлар кенгашини ташкил этиш, Аҳолининг турли муаммоларини ўрганиш, уларга бепул психологик маслаҳат ва кўмак бериш мақсадида "Бепул психологик маслаҳат билан ҳар бир уйга" шиори остида тарғибот тадбирларини ўтказиш таклифлари илгари сурилди.
Соҳа мутасаддилари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан келгусида оилаларга қандай қилиб психологик кўмак бериш бўйича берилган таклифлар кўриб чиқилди.
Шу билан бир қаторда, конференциядан сўнг, яқинда Миллий гвардия қошида очилган Болалар психологияси марказига экскурсия ташкил қилинди.