"Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан биридир". Шавкат Мирзиёев
Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимиз ҳаётини яхшилашга қаратилаётгани ва бу борада мамлакатимизда сифатли тиббий хизматга алоҳида эътибор кўрсатилаётганини дунё ҳамжамияти ҳам тан олмоқда.
Мамлакатимизда туб янгиланишлар аввало, ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари бўлмиш тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишда амалга оширилаётгани бежиз эмас.
Бу каби ишларнинг тизимли йўлга қўйилишида Миллий гвардия қўмондони томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш, бу борада эса оналар ва болалар соғлиғига эътибор қаратиш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланган.
Жорий йилнинг 9 январь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида барпо этилган Миллий гвардия тиббиёт бошқармасига қарашли икки қаватли поликлиника биносининг замонавий типдаги тиббий жиҳозлар билан жиҳозлаб фойдаланишга топширилганлиги муҳим ахамият касб этади.
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни арафасида ташкиллаштирилган ушбу тантанали тадбирда Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, жамотчилик ташкилотлари вакиллари ва Миллий гвардия тиббиёт хизмати ходимлари иштирок этди.
Ташриф буюрганлар ушбу бинода яратилган шарт-шароитлар билан танишар эканлар, тиббиёт ходимларига мазкур тармоқни янги босқичга кўтариш баробарида, ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини тиббий хизматдан рози қилиш йўлида тиббий билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришга ҳамда шижоат билан меҳнат қилишларига ишонч билдирдилар.