ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАР УЧУН "ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ" ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Айни кунда Республикамизда ёш авлоднинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиясини янада ошириш мақсадида бир қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, куни кеча Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир давомида ёшлар ҳарбий қисмда яратилган шарт -шароитлар, қурол-аслаҳа ҳамда техникалар билан яқиндан танишиб, мутахассис ҳарбий хизматчиларлар томонидан батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Шунингдек, очиқ турдаги баландликни ишғол этиш машғулотларида мутахассислар томонидан ёшларга тушунчалар берилибгина қолмай, ушбу машқлар амалий чиқишлар орқали кўрсатилиб берилди.
Кун давомида ташаббус кўрсатган ёшлар қуролдан ўқ узиш, Қорабайир зотли отларда сайр қилиш имкониятларини қўлга киритишди.
Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги усуллари ёшларнинг соҳага нисбатан қизиқишларини янада оширди.
Шундан сўнг болажонлар байрамона тушликка таклиф этилди.
Бу каби мақсадли тадбирлар давомийлиги ёшларда жасурлик ва мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш, шунингдек уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига содиқлик, миллий армиямизга ҳурмат туйғусини шаклланишига хизмат қилмоқда.