“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўқувчилари ўртасида “Амир Темур авлодлари” идоралараро ҳарбий-спорт танловига старт берилди
Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўқувчилари ўртасида “Амир Темур авлодлари” идоралараро ҳарбий-спорт танловига старт берилди.
Маросимда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Давлат хавфсизлик хизмати “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари жамоалари ҳамда масъуллари иштирок этди.
Давлат мадҳиясининг тантанали ижросидан сўнг, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов нутқ сўзлаб, иштирокчиларга беллашувларда муваффақият ва омад тилади.
Шунингдек, тантанали тадбирда алоҳида намунали кўргазмали ҳарбий оркестр, фахрий қоровул ҳарбий хизматчилари, Ҳарбий мусиқа академик лицей ўқувчилари томонидан кўргазмали ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди.
Шундан сўнг, жамоалар ўртасида қизиқарли баҳсларга старт берилди. Дастлаб спортчилар эстафета шартида ғолиблик учун кураш олиб борди. Волейбол бўйича беллашувлар бўлса чинакам ҳақиқий мардлик ва матонат синови, ҳалол ва кескин беллашувлар майдонига айланди. Қуролни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратишда ёш ҳарбийлар жуда ишончли ҳаракат қилди.
Мусобақалар яна икки кун давомида бўлиб ўтади.