Тошкент вилоятида жойлашган “Ватанпарварлар” оромгоҳида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда юртимизда баркамол авлод камолоти, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда. Жумладан, ёз мавсумида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни турли хил жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан сақлаш, алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан тизимли ишлар олиб бориш орқали улардаги яширин қобилият ва имкониятларни кашф этиш мақсадида “Ватанпарварлар” тарбия ва спорт оромгоҳлари лойиҳаси ташкил қилинди.
Ушбу лойиҳага жорий йилнинг 3 июнь санасидан старт берилган бўлиб, дастлаб Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган ёшлар билан машғулотлар олиб борилган бўлса, бугунги кунда Андижон вилоятининг турли туманларидан ташриф буюрган 210 нафар ёшлар билан ушбу оромгоҳда алоҳида дастурлар асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу оромгоҳга ташриф буюрган ёшлар ўзларининг қизиқишлари, талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида дастурларга бўлинди. Бу дастурлар спорт билан шуғулланиш, психологик тренинглар, ҳарбий ватанпарварлик лойиҳалари ва интеллектуал ўйинлар орқали ёшларнинг билим ва савиясини оширишга хизмат қилувчи интерактив услубдаги семинарларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, ушбу дастур доирасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашувларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, навбатдаги ана шундай тадбирларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Ҳ. Қаршиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари полковник С. Мамаюсуповлар бевосита иштирок этди ва ёшлар давра қурган амфитеатрда самимий суҳбат бўлиб ўтди.
Ёшларни қизиқтирган дастлабки маълумот ташриф буюрган меҳмонларнинг бу даражага етгунча босиб ўтган йўллари, елкадаги юлдузлар залвори, шарафли касб эгаларининг фикр-мулоҳазалари бўлди.
Давра суҳбати давомида ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилгач, бир ҳафта давомида андижонлик ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган турли спорт ва интеллектуал мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра ғолиб ва совриндор жамоалар тадбир меҳмонлари иштирокида муносиб тақдирланди.