Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди ва тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Миллий гвардия тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови ташкил этилди.
Президентимиз — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг 2025 йил 14 февралдаги фармонига мувофиқ Қуролли Кучлар тизимида жорий қилинган янги Саф низоми асосида Миллий гвардияда иккинчи маротаба “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови уч босқичда — ҳарбий қисмлар, минтақавий ҳамда республика босқичида ўтказилди.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган республика босқичи синовлари Жамоат хавфсизлиги университети базасида ташкил этилиб, унда жамоаларнинг саф қоидаларини ўзлаштирганлик даражаси баҳоланди. Мусобақа жараёнида якка тартибда қурол ва қуролсиз саф усулларини намойиш этиш, саф қўшиғини тантанали ижро этиш, жанговар ҳайқириқ ҳамда қурол билан кўргазмали чиқиш усулларини бажариш каби шартлар амалда кўрсатилди.
Мазкур кўрик-танловнинг финал босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги “ЖАР” спорт мажмуасида бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси У.Шерматов, Хавфсизлик кенгаши масъул ходими Д.Жалилов, Мудофаа вазири биринчи ўринбосари генерал-майор З.Иминов, Мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Ҳ.Қаршиев, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари полковник О.Чориев, Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари полковник Н.Қодиров, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондони полковник Х.Батиров, истеъфодаги генерал-майор Р.Атаханов, прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари, Миллий гвардия қўмондонлиги ва бошқарма бошлиқлари, ҳарбий қисм командирлари, фахрийлар, гвардиячилар ва ҳамкор вазирликларнинг ҳарбий хизматчи ва ходимлари, ҳарбий олий таълим муассасалари курсантлари ва “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари, шунингдек, пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этишди.
Тадбир давомида меҳмонлар эътиборига гвардиячилар томонидан тайёрланган амалий кўргазмали чиқишлар, ҳарбий оркестр иштирокидаги мусиқали композициялар тақдим этилди. Республика босқичига етиб келган жамоалар томонидан саф низомига киритилган янги саф усулларининг моҳирона ижро этилиши, шунингдек Фахрий қоровул батальони жамоасининг намунали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Қувонарлиси, мазкур кўрик-танловда гвардиячи қизларнинг ҳам иштирок этгани тизимда гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганининг яққол далили бўлди.
Кўрик танловига киритилган жамоа билан кўргазмали чиқишлар шарти эса барчада қизиқиш уйғотиб, бўлинмаларнинг бир бутун бўлиб ҳаракат қилган ҳолда бирдамлик ва жипсликларини намоён этди.
Якунда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унга кўра, 3-ўрин Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси жамоаси ва “Сарбоз” жамоасига, 2-ўрин Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси жамоасига насиб этди. Фахрли 1-ўринни эса Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси қўлга киритди.
Ушбу кўрик-танлов Миллий гвардия тизимида саф тайёргарлигини янада такомиллаштириш, шахсий таркибнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ҳарбий интизом ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай тадбирлар гвардиячиларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини юксалтириш, янги Саф низоми талабларини амалиётга самарали жорий этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Келгусида ҳам бу каби кўрик-танловларни мунтазам ташкил этиш орқали Миллий гвардия бўлинмалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, ёш авлодни ҳарбий соҳага қизиқтириш ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилиши белгилаб олинди.