Вазирлик ва идораларнинг кинология хизмати мутахассис ўртасида “Dog biatlon” мусобақа ўтказилди
Жорий йилнинг 1-4-май кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги базасида вазирлик ва идоралар кинология хизмати мутахассислари ўртасида “ Dog biatlon” беллашуви ўтказилди.
Унда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати Давлат Божхона қўмитаси, Ички Ишлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жамоалари ўзаро беллашишди.
Дастлаб мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади ва мусобақани очиқ деб эълон қилди.
Шунингдек мусобақанинг расмий қуръа ташлаш маросими ўтказилиб беллашувларга старт берилди. Ушбу беллашувларда нафақат эркаклар жамоаси балки, аёллар жамоаси ҳам иштирок этди.
Мусобақанинг дастлабки кунида иштирокчилар кичик калибрли қуролни меъёрий жанговар ҳолатга келтириб, 3200 м масофага хизмат итлари билан бирга якка тартибда югуриб келиб, ётган ва тик турган ҳолатда қуролдан ўқ отишди. Беллашувнинг иккинчи ва учинчи кунларида қатнашувчилар 300 метрли масофага тўсиқларни хизмат итлари билан енгиб ўтиб 1600 метр масофага (эстафета) жамоа таркибида югуришди. Қизғин ва шиддатли тарзда кечган мусобақада Миллий гвардия кинология хизмати мутахассислари ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан муваффақиятли иштирок этишди.
Мазкур мусобақанинг якуний натижаларига кўра, эркаклар ўртасидаги беллашувларда биринчи ўринни Мудофаа вазирлиги жамоаси, иккинчи ўринни Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўринга Миллий гвардия жамоаси сазовор бўлди. Аёллар жамоалари ўртасида кечган баҳсларда эса Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи ва иккинчи ўринларни, Миллий гвардия жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, диплом, медал ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди.