Халқимизнинг севимли шоираси Ҳалима Худойбердиевани хотирлаб...
Мана юртимизга ҳам фусункор баҳор фасли кириб келди. Она табиат уйғониб, атроф яшилликка бурканди. Гуллар ифори, хуш ёқувчи баҳорий насим инсониятга кўкламнинг саломини етказаётгандек.
Баҳор ойининг илк кунларида ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар — севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира Ҳалима Худойбердиева хотирланди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят Миллий гвардия бошқармаси, сектор раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, ўқувчи-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Халқимизнинг севимли шоираси Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Тадбирда атоқли шоира ижодининг сеҳрли қирралари, шеърларидаги Ватанни, одамларни, табиат, борлиқни севиш, қадрлаш, ҳаётнинг, қадрдонларнинг қадрига етиш, меҳр-садоқат, чин инсонийлик, самимият тараннуми эътироф этилди.