ЁШЛАР ОТ СПОРТИГА КЕНГ ЖАЛБ ЭТИЛМОҚДА
Айни вақтда ўсмирлар ва ёшларни от спорти, замонавий бешкураш, поло ва улоқ-кўпкари билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган.
Республикамиздаги от спорти маҳорати мактаблари фаолиятини ривожлантириш, ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ишлар Миллий гвардия бўлинмалари томонидан манзилли равишда олиб борилмоқда.
“Ўзбегим отлари” от заводи ипподромида Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи кубоги учун ташкил этилган мусобақада 40 дан зиёд отларда спортчилар беллашувларга киришди.
Мусобақада ёш чавандозлар от чоптириш борасида ҳудуд ёшларига маҳорат мактаби ўтаб беришди. Уларнинг ҳаракатлари болаларда катта таассурот қолдирди. Спортчилар бошқарувида ипподром узра ахал-така, инглиз, араб ва қорабайир зотдор отлари елдек учиб ўтишди.
Тадбир сўнгида ҳар бир масофа бўйича ғолиб бўлган от спорти усталарига эсдалик совғалари топширилди. Ташкилотчилар эса бу каби мусобақаларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олишди.