ЁШЛАР ОТ СПОРТИГА ЖАЛБ ЭТИЛМОҚДА
Мамлакатимиз тараққиёти ҳар томонлама униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим тарбияси, маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқдир. Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан биридир. Айнан шу сабабдан сўнгги йилларда ватанимиз келажаги бўлган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бу борада давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давомидир.
Ушбу қарор ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзолари ва фарзандларининг от спортига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида, ўқув амалий машғулот ўтказилди.
Бунда ёшларга отга миниш ва отда ҳаракатланиш тўғрисида тушунчалар ҳамда от спорти бўйича атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, ёшларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш юзасидан ҳарбий қисмда от спорти тўгарагини ташкил этиш бўйичааниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ана шу ғоя асосида ёшларни спортга бўлган қизиқишини ошириш йўлида амалга оширилаётган бу каби ишлар, уларнинг келгусида руҳан соғлом ва баркамол фарзанд бўлиб етишишга хизмат қилиши шубҳасиздир