Юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ишлар Миллий гвардия ва ҳамкор вазирликлар билан биргаликда янгича ёндашувлар асосида шахсий таркибнинг замонавий билим ва кўникмалари, жанговар салоҳияти, жисмоний ҳамда маънавий тайёргарлигини тубдан такомиллаштиришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг Қарорлари ва соҳага оид белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалий ижросига қаратилган ўрганиш ишлари Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматов томонидан давом эттирилмоқда.
Шу каби манзилли ишлар жорий йилнинг 4 февраль куни Бухоро вилоятида олиб борилиб, унда Миллий гвардия қўмондони, вилоят ҳокими Б.Зарипов билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда соҳага оид ташкилот раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фаоллари билан учрашди. Учрашув давомида вилоятда жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ҳамкорликдаги амалга оширилаётган ва келгусидаги истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Миллий гвардия қўмондони Бухоро шаҳридаги қизил ва сариқ тоифадаги маҳалларда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар билан танишди.
Хусусан, хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар доирасида барча ҳудудларни рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят бўйлаб парк ва хиёбонлар ҳамда бозорларда ўрнатилган кузатув камераларини вилоят ИИБ биносидаги ситуацион марказга уланганлиги ҳамда ҳамкорликда ташкиллаштирилган 24/7 хизмат фаолияти бўйича, шунингдек, келгусида патруллик хизматига янгича ёндашув сифатида дронлар орқали назорат кучайтирилиши бўйича мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари тингланди. Ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ва киберхавфсизлик масалалари долзарблиги таъкидланиб, жаҳон тажрибалари таҳлил қилинди мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни миллий анъаналаримизга мослаштирган ҳолда кечиктирмасдан жорий қилиш масалалари юзасидан тегишлилиги бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, навбатдаги ўрганиш ишлари Миллий гвардия бошқармасида давом эттирилди. Унда кўп йиллик спорт усталарини жалб қилган ҳолда тўгараклар ташкил қилиш, ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тизимли ишларни жадаллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шу бидан бир қаторда, асосий эътибор бўлинмаларда шахсий таркиб билан олиб борилаётган тунги жанговар машғулотлар жараёнларига қаратилди.
Унда бўлинмаларнинг ўзига хос вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва махсус тайёргарлиги, хусусан хавфсизликни таъминлаш борасидаги вазифаларни шаҳар шароитидаги ностандарт вазиятларда аниқ ва ишончли бажарилиш ҳолати ўрганилиб, командирларга сунъий интеллектга асосланган бошқарув тизимини замонавий усулларини ўрганиш борасида вазифалар белгиланди.
Тадбир давомида Миллий гвардия қўмондони томонидан дунё ва минтақамизда юз бераётган ижтимоий ва ҳарбий сиёсий вазиятлар таҳлил қилинган ҳолда қатор мисоллар келтирилиб, амалий машғулотларни ҳақиқий ҳолатга яқинлаштирилган шароитларда олиб борилишини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳар қандай хавф-хатарларни олдини олиш ва бартараф этиш борасида шахсий таркибнинг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, ўз ўрнида мазкур йўналишдаги амалга оширилаётган ишларни жаҳон тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб борилишига оид аниқ вазифалар белгиланди.