“ЎЗБЕГИМ ОТЛАРИ” ЗАВОДИДА ЁШЛАР УЧУН ТАДБИР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш, унинг моддий-техник ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, мазкур соҳа учун мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш орқали наслдор, спорт ва хизмат отларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, моҳир чавандозларни кўпайтириш учун туман, вилоят ва республика миқёсида от спорти мусобақалари, шунингдек улоқ-кўпкари, чавгон ва пойга каби миллий ўйинларда иштирок этадиган ёшларни тайёрлаш учун тўгараклар ташкил этилмоқда. Айниқса ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мароқли ўтказишлари учун от спорти клубларига саёҳатлар уюштирилиб, уларда от спортига бўлган қизишлари оширилмоқда.
Ўртачирчиқ туманида жойлашган Йилқичилик ва от спорти федерацияси, Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида “Ўзбегим отлари” заводида ёшлар учун тадбирда ўтказилди.
Бугунги кунда мазкур заводда зотдор отларни кўпайтириш, соҳада наслчилик ишларини яхшилаш борасида кўплаб отлар парваришланмоқда. Улар орасида Ахалтака зотидан ташқари, инглиз ва араб зотли отлар ҳам бор. Болалар ана шундай отларни томоша қилиш билан бир қаторда уларни миниб ҳам кўришди.
Мазкур мактабда шуғулланаётган келажак авлод албатта соғлом фикрли, жисмонан бақувват ва етук спортчилари бўлиб етишишади.