ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҚЎМОНДОНИНИНГ “8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ” МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Юртимизда ёшариш – янгиланиш фасли баҳор байрамлар билан бошланади. Баҳорнинг илк байрами “8 – март Халқаро хотин-қизлар куни” мамлакатимизда ҳар йили кенг нишонланади.
Шу муносабат билан Сизларни, сизлар орқали юртимизнинг барча аёлларини, мунис опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни қутлуғ байрамлари билан чин дилдан табриклайман.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган.
Аёл билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ҳамда нурафшондир.
Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу албатта, Муҳтарам Президентимиз Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсатлари натижаси ҳисобланади.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби Миллий гвардия тизимида ҳам опа-сингилларимиз ўзларининг фидойи хизматлари билан йигитлар билан бир сафда туриб машаққатли ва шарафли бурчларини бажариб, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқ
ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда жомбозлик кўрсатиб келмоқдалар.
Хотин-қизларимизнинг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, фаоллиги, ибратли фазилатлари давлатимиз раҳбари томонидан инобатга олиниб муносиб рағбатлантириб келинмоқда.
Ишончим комил, Миллий гвардия тизимида хизмат ўтаётган барча опа-сингилларимиз оила ва жамиятни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида бор куч имкониятларини сафарбар этиб, Давлатимиз раҳбари ва халқимизнинг Миллий гвардияга бўлган ишончини садоқатлари билан оқлайдилар.
Яна бир бор барчангизни юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, хонадонингизга фаровонлик тилайман.
Қўмондон генерал-майор Р.Джураев