Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди ва унда Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник B.Tashmatov федерация раиси этиб сайланди
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Баходир Ташматов, Спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, соҳавий раҳбарлар, мураббийлар ва спортчилар иштирок этди.
Тадбирда федерация фаолиятини такомиллаштириш, қўл жанги спорт турини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида янада ривожлантириш ҳамда федерация раҳбариятини сайлаш масалалари кўриб чиқилди. Делегатлар томонидан Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Баходир Ташматов Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раиси этиб бир овоздан сайланди.
Янги сайланган федерация раиси ўз нутқида сўнгги йилларда спорт соҳасига қаратилган давлат эътибори натижасида спортчиларимиз халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётганини қайд этди. Шунингдек, 2022 йил 20 июнда қабул қилинган ПҚ-287-сонли қарор қўл жанги спорт турини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Конференция давомида қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш бўйича қатор амалий вазифалар белгиланди. Жумладан, секция ва тўгараклар мавжуд бўлмаган туманларда камида иккитадан қўл жанги секциясини ташкил этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш, истиқболли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларни касбга йўналтириш вазифалари белгилаб олинди.
Шу билан бирга, ёш спортчиларни жиноий гуруҳлар таъсиридан асраш, улар билан тизимли ишлаш, спортчилик фаолиятини якунлаётганларни иш билан таъминлаш, мураббий ва ҳакам сифатида қайта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иқтидорли қўл жангчи спортчиларни Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сафларига жалб этиш, шунингдек, мусобақаларни мунтазам ташкил этиш ва ғолиб спортчиларни муносиб рағбатлантириш бўйича вазифалар ҳам белгиланди.
Мазкур Конференция қўл жанги спорт турини тизимли ривожлантириш, ёшларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтириш ҳамда федерация фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.