Жорий йилнинг ўтган олти ойлик даври сарҳисоби ҳамда устувор вазифаларга бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев раислигида 2025 йилнинг ўтган олти ой давомида тизимда амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видео-селектор тарзидаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда Миллий гвардия қўмондони ўринбосарлари, таркибий ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари, таълим муассаса ва ҳарбий қисм командирлари, шунингдек таклиф қилинган соҳага оид масъул раҳбарлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.
Миллий гвардия қўмондони кириш сўзида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда мазкур вазифаларнинг амалий ижроси юзасидан амалга оширилган ва давом эттирилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.
Ўтган олти ойнинг биринчи чораги мобайнида тизим олдига қўйилган вазифалардан бири, Юртбошимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори талабларининг амалий ижроси юзасидан ҳудудларда қилинган ишлар ва уларнинг натижалари ҳамда йўл қўйилган камчиликлар айрим вилоятлар мисолида кўрсатиб ўтилди.
Кун тартибига киритилган асосий йўналишлардан бўлган, Миллий гвардия томонидан республикамиз бўйлаб жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда бўлинмаларимизда шахсий таркиб орасида ҳарбий интизом ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, шунингдек юклатилган жанговар вазифаларни бажариш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлашда хизмат итларининг тайёргарлиги каби муҳим масалалар таҳлилий ва танқидий кўриб чиқилди.
Қўмондон томонидан юқорида кўриб чиқилган масалалар юзасидан шахсий таркибнинг қатъий интизоми, ҳарбий бурч ва хизмат мажбуриятларини бажаришларида командирларнинг шахсий намуна бўлишлари, шунингдек барча раҳбар ва ҳарбий хизматчиларнинг шахсий масъулиятини ошириш, хизмат жараёнларини танқидий таҳлил қилишни кундалик меъёрга айлантириш борасида, аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, келгусида тизим олдида турган муҳим вазифалар ва уларни амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар ҳамда Миллий гвардия бошқарув органи ва бўлинмаларининг 2025/2026 ўқув йилига мўлжалланган асосий тадбирлар режасининг амалий ижроси тўлиқ таъминланиши ва қатъий назоратга олиниши юзасидан тегишлилиги бўйича топшириқлар берилди.