1 октябр — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Миллий гвардия тизимидаги ўқитувчи ва мураббийлар учун байрамона тадбир ташкиллаштирилди
Инсон ҳаёти ва тақдири, жамият ва давлат тараққиёти, мамлакат қудрати ва миллат келажагининг пойдевори — шубҳасиз, илм-фан, таълим ва тарбиядир. Бу борада эса устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс. Шу боисдан ҳам ҳар йили 1 октябр — «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Миллий гвардия тизимида фидойи ва ҳалол меҳнат қилиб келаётган устозлар алоҳида эътибор ва эҳтиром билан эъзозланади.
Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети Маънавият-маърифат марказида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, тизимдаги таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, мураббийлар, фахрийлар, курсантлар ва ўқувчи ёшлар иштирок этишди.
Тантанали тадбирда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Рустам Джураев, Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, барча устоз ва мураббийларни байрам билан самимий муборакбод этиб, уларнинг миллат тарбияси, юрт тинчлиги ва ватанпарвар ёшларни етиштиришдаги беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг, Миллий гвардия қўмондонининг фидойи устоз ва мураббийларни рағбатлантириш тўғрисидаги буйруғи ўқиб эшиттирилди. Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети, “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий мусиқа академик лицейлари, Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази, Тошкент минтақавий ўқув маркази, 22 ва 30-сонли Меҳрибонлик уйлари, Қўл жанги федерацияси, Чавандозлар мактаблари, Жасорат мактаблари ҳамда ҳудудий тузилмалардан 150 нафар устоз ва мураббийлар шунингдек, Оилавий уйлар раҳбарлари Миллий гвардиянинг III даражали “Намунали хизматлари учун”, “Миллий гвардия фидоий ходими”, “Маънавият аълочиси” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ва қўмондонлик ташаккурномалари билан тақдирландилар.
Ўз ўрнида устоз ва мураббийлар самимий тилак ва миннатдорлик сўзларини изҳор этар эканлар, берилган мукофот улар учун фақат ифтихор эмас, балки келгусида янада юксак садоқат билан хизмат қилиш, ватанпарвар, маърифатпарвар ва маънавиятли ёш авлодни тарбиялаш йўлида тинимсиз меҳнат қилишга илҳом манбаи сифатида қабул қилганликларини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида эл суйган Халқ артистлари ва хонандалар, Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли жамоасининг куй-қўшиқлари, жозибали рақслари йиғилганларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
Байрамона тадбирга ташриф буюрган ўқувчи ёшлар учун эса Жамоат хавфсизлиги университетининг кутубхона ва музейига экскурсия ташкиллаштирилди. Зотан, келгусида университетнинг курсант ва талабалари бўладиган ўқувчилар учун мазкур экскурсия университетда яратилган шароитлар билан танишиш имкониятини яратди.
Миллий гвардия тизимида таълим-тарбия соҳасида фаолият юритаётган барча устоз ва мураббийлар доимо эъзозда. Уларга кўрсатилаётган бу каби эътибор ва рағбат — келажагимиз бўлган ёш авлодни ватанпарвар, билимли ва маънавий етук шахс қилиб тарбиялашга қаратилган амалий қадамлардан биридир.
Барча устоз ва мураббийларга мустаҳкам соғлик ва ёшлар манфаати йўлидаги эзгу фаолиятларида улкан муваффақиятлар ва зафарлар тилаймиз!