18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Бугун жаҳоннинг юксак минбарларида, дунё саҳнасида, Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз, тобора улкан куч-қудрат ва салоҳият касб этаётган ҳарбийларимиз қўлида сарбаланд бўлган юртимиз байроғи ҳар биримизга юксак ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди. Ана шундай лаҳзаларда қалбларимизда шу байроққа, унинг тимсолида она Ватанимизга бўлган чексиз ҳурмат, чуқур дахлдорлик ҳиси жўш уради.
Айни кунда республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллик шодиёнаси кенг нишонланмоқда. Жумладан, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшлар иштирокида ушбу кунга бағишлаб давра суҳбатлари, иншо ва расмлар танлови ўтказилиб, фаол қатнашган иштирокчилар муносиб тақдирланди. Шунингдек, Термиз шаҳри бўйлаб веломарафон ва “беш минг қадам” шиори остида мақсадли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.