“8-март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан “Мурувват” уйида Миллий гвардия томонидан тадбир ўтказилди
Меҳр, мурувват бу – биз бир-биримизга беришимиз зарур бўлган энг муқаддас туйғу. Бу туйғуни ҳамма бирдек ҳис қилади. У хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса, хоҳ соғлом бўлсин-у хоҳ хаста.
Фараҳбахш кунлар арафасида интернат уйида яшовчи имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, маънавий ва моддий қўллаб – қувватлаш тадбирларини ўтказиш тизимда анъанага айланган. Бугун ҳам ушбу анъанага содиқ қолган ҳолда, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари, Маънавият ва маърифат маркази ашула ва рақс ансамбли хонандалари , Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари, Тошкент "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейи ҳамда Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари Сирдарё туманидаги "Мурувват" имконияти чекланган аёллар муассасага ташриф буюришди.
Ташриф давомида тақдир тақозоси билан интеллектуал имконияти чекланган юртдошларимизга хушкайфият улашиш мақсадида концерт дастури ташкил этилди. Меҳмонлар билан биргаликда қўшиқлар куйлаб, рақсга тушган опа-сингиллар, мунис онажонлар ва бувижонлар ўзларини анча бардам ҳис этиб, юзларида кулгу билан анчадан буён бу қадар маънавий ҳордиқ чиқармаганликларини сўзлаб берди.
Шундан сўнг, барча иштирокчилар байрам дастурхони атрофида суҳбатларини давом эттиришди.
Тадбир якунида интернат уйида истиқомат қилувчи 250 нафар аёлларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва кийимлар тақдим этилди.