Алимент тўламаган ва ўғирлик қилганлиги учун қидирилаётган шахс Тошкентдаги масжидда қўлга олинди
Ўтган ҳафтанинг жума куни Миллий гвардия ходимлари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган масжидга ташриф буюрувчилар орасида ташқи кўриниши жиноят содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахсга ўхшаш фуқарони пайқаб қолишган. Ушбу шахснинг ҳужжатларини текшириш натижасида тахмин қилинганидек Сурхондарё вилоятида туғилган 39 ёшли К. И. эканлиги маълум бўлди. Мазкур фуқаро ички ишлар органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122 (“Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш”) ва 169 (“Ўғрилик”) моддалари асосида қидирувга эълон қилинган. Қўлга олинган шахс ички ишлар органларига топширилди.