АЛВОН БЕРЕТ СОҲИБАЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ
Мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган кенг кўламли шароитлар сабабли уларнинг спортга бўлган қизиқиши ҳар доимгиданда юксак даражага кўтарилмоқда.
Ёшларимиз қалбида спортга бўлган интиқликни янада мустаҳкамлаш мақсадида яқинда мамлакатимизда илк бор Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Қўл жанги" бўйича Жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари иштирокида Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашувда спортчи ҳарбий хизматчилар мусобақалардаги таассуротларини ёшларга сўзлаб берибгина қолмай, рақибларини қўл жангининг ўзига хос усуллари билан мағлуб этганликларини кўрсатиб беришди. Бу эса ўз ўрнида ўсиб келаётган ёш авлодга яна бир бор ўзига бўлган ишонч, ғурур ва фахр туйғуларини ҳис қилишга туртки бўлди десак муболаға бўлмайди.