Амир Темур таваллудининг 687 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда
Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир.
Соҳибқирон таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кўтаринки руҳда кенг нишонланади. Бу йил ҳам улуғ саркарда таваллудининг 687 йиллиги катта хурсандчилик билан ўтказилмоқда.
Анъанага кўра, 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда, давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, Қуролли кучлар куч тузилмалари, вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари, талаба ва ўқувчи ёшлар, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев ва бошқалар Соҳибқирон нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган Шахс эканини таъкидлашди.
Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ҳам ўз навбатида, “Темур тузуклари”дан ўқиб беришди. Спортчиларимиз ўзларининг халқаро ареналарда эришиб келаётган ютуқларини фахр билан ҳикоя қилди. Қўл жанги усталари бўлган қизларимиз ҳам тадбирда ўз кўргазмали намойишлари билан иштирок этишиб, аждодларга муносиб авлод эканлигини намоён этишди. Шунингдек, Миллий гвардия ҳарбий оркестри садолари ҳамда фахрий қоровул бўлинмасининг қурол билан саф чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.
Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига Миллий гвардия фахрий қоровул бўлинмаси ҳарбий хизматчилари ҳамроҳлигида гуллар қўйдилар. Шу жумладан Миллий гвардия қўмондони ўринбосари бошчилигида марказий девон бошқарма бошлиқлари ва офицерлари томонидан Соҳибқирон ҳайкали пойига гул қўйилди.
Шундан сўнг, барча меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейига бўлиб ўтадиган тадбирларга таклиф этилди.