Андижон вилоятида "Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!" шиори остида ҳарбий қисмда "Очиқ эшиклар куни" тадбири бўлиб ўтди.
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Бу борада мактаблар ва ҳарбий қисмлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини садоқат руҳида камол топтиришга хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсадга қаратилган навбатдаги тадбир Миллий гвардия Андижон вилояти бўйича бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ва «Қўриқлаш» бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Ҳарбий қисмда ўтказилиши гўзал анъанага айланган “Уч авлод учрашуви”да сўз олганлар ўзларининг бой амалий тажрибалари ва касбий маҳоратларини ёш авлод вакилларига сўзлаб, яратилган шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда она Ватанга садоқат билан хизмат қилиш лозимлиги тўғрисида тушунчалар бериб ўтдилар. Учрашув қизғин суҳбатга бой тарзда ўтказилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ёшлар ҳарбий қисм саф майдонида ёйилган турли ўқув нуқталарида қурол-аслаҳа ва ҳарбий анжомлар билан танишиб, кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароит ва имкониятларни кўздан кечирган меҳмонларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш ортгани шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари ва спорт мусобақалари ёшларга ўзгача руҳ бағишлади.