Андижон ва Наманган вилоятларида уюшмаган ёшлар иштирокида "Ватаннинг содиқ ёшлари" шиори остида ўқув- йиғини ҳамда ватанпарварлик тадбирлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия тасарруфидаги Жамоат хавфсизлиги университети томонидан ёшларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига даҳлдорлик, ишчанлик руҳида тарбиялаш мақсадида Андижон ҳамда Наманган вилоятларида уюшмаган ёшлар иштирокида "Ватаннинг содиқ ёшлари" ўқув- йиғини ҳамда бошқа бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоятларнинг барча шаҳар ва туманларидан 200 нафарга яқин ёшлар кутиб олиниб, жойлаштирилди ва махсус ҳарбий кийим, озиқ-овқат таъминоти билан таъминланди.
Ўқув- йиғини икки кун давом этиб, унда ёшлар ҳарбий касбга йўналтириш, ҳуқуқий саводхонлик машғулотларида, меҳнат ярмаркалари ва концерт дастурларида иштирок этишлари режалаштирилган.
Йиғиннинг биринчи куни эрталабки бадантарбия машғулотлари билан бошланди.
Шундан кейин ёшларда ҳуқуқий саводхонликни мустаҳкамлашга қаратилган "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг мазмун-моҳияти" ва ёшларда ватанга даҳлдорлик, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган "Ҳарбий-ватанпарварлик орқали ёшларни ватанга даҳлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари" мавзуларида мастер класс машғулоти ўтказилди. Машғулотлар давомида вилоят ёшлари мутахассисларга бир қатор қизиқарли ва керакли саволлар бериб, ўз фаолликларини намоён этишди.
Тадбирлар қизғин паллага кирмоқда, ёшлар ҳар бир машғулотларга қизиқиш билан ёндашмоқда, ҳарбий ҳаётнинг турли жабҳаларидан воқиф бўлмоқда.