Ҳарбий хизматчиларнинг оиласи учун «Бухоро Варнет» замонавий агросаноат мажмуасига саёҳат уюштирилди
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида бугунги кунда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири, бугун ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини маданий хордиқ чиқаришларини таъминлаш ҳамда табиатни асраш, унга бўлган қизиқишни орттириш ва экологик маданиятни янада ошириш мақсадида республикамизда ягона бўлган «Бухоро Варнет» замонавий агросаноат мажмуасига саёҳати билан давом эттирилди.
Бухоро азалдан тупроғи шўр, ерлари қумлоқ, суви танқис ўлка сифатида тилга олинади. Вилоятнинг жуда катта ва кенг ҳудуди чўл зоналардан иборат. Бироқ, инсон қўли шу қадар мўъжизаларга қодирки, чўлда ҳам боғ барпо этиб, уни сўлим гўшага айлантира олди.
Айнан, мазкур масканга ташриф буюрган меҳмонларда ҳам у ердаги гўзал манзарадан катта таассуротлар олишди.