Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида тизимдаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларига имтиёзли тавсияномалар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва ходимларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоясини янада қўллаб-қувватлаш ва маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида давлатимиз Раҳбари томонидан бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилган.
Хусусан, Республика олий ва олий ҳарбий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш учун Миллий гвардиянинг амалдаги шартнома бўйича хизмат қилаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркиби хамда ходимлари фарзандлари учун икки фоизли квота ажратилган. Бу квоталар республика олий таълим муассасаларига — давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари ажратилган.
Бугун Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази анжуманлар залида мазкур имтиёз асосида ўқишга кириш учун бериладиган тавсияномалар ўз эгаларига тантанали топширилди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник Мамаюсупов Сарвар Дехқонович, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Каттаханова Дилнозахон Собиржоновна, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи педагогика фанлари доктори профессор Зарипов Лочин Рустамович ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бошқармаси бошлиғи Зикирова Мағфират Солиевналар фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Шунингдек, маросимда ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари қатнашди.
Дастлаб тадбирда сўз олганлар, бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш учун беқиёс имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлаб, таълимга қаратилган кучли ёндашув келгусида Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган этук кадрларни етишиб чиқишида муҳим аҳамият касб этишини айтишди.
Шундан сўнг, намунали хизмат қилаётган ва соҳа равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи ходимлар, шу билан бир қаторда, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган 9 нафар ҳарбийларнинг, жами 160 нафар фарзандларига имтиёзли тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг, Алоҳида ҳарбий намунали-кўргазмали оркестр жамоаси, Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари, Маънавият ва маърифат маркази ашула ва рақс ансамблининг хушовоз хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Ёшларга берилаётган бу каби имтиёз ва имкониятлар албатта, мамлакатимизда уларнинг келажаги ҳақида ғамхўрлик қилиш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.