Аввал хабар берганимиздек, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ ҳафта давомида Бухоро вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди
Бугун Бухоро вилояти ҳокимлиги биносида Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш чоғида аниқланган аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш ишлари натижалари сарҳисоб қилинди, шунингдек, бажарилиши лозим бўлган ҳамкорликдаги ишлар бўйича йўл харитаси ишлаб чиққан ҳолда, тизимли чора-тадбирлар амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Чунончи, ҳафта давомида Ишчи гуруҳ ташаббуси билан вилоят ҳудудида жами 19227 та хонадонга суюлтирилган газ балони етказилиб, 113 та маҳаллани табиий газ билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилди, 13,45 км ичимлик суви ҳамда 0,86 км табиий газ тармоқлари таъмирланди, 116,8 минг м2 (15,5 км) ички йўлларга шағал ётқизилди, 116 та мактаб ва 104 та мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, 58 та талабалар турар жойи иситиш тизимларининг ҳолати ўрганилди.
Истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захираларини ҳамда тадбиркорлар учун янда қулай шароитлар яратиш мақсадида, вилоятда 56 та арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилиб, уларда жами 323 тонна кундалик эҳтиёж истеъмол товарлари савдога қўйилди. Шунингдек, ўз маҳсулотини тўғридан-тўғри сотиш истагида бўлган 38 та фермер хўжалиги эгаларига ўз маҳаллаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун савдо расталари ташкил этишга кўмаклашилди.
Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик ҳамда ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш мақсадида, вилоят ҳудудида жойлашган барча мономарказлар, меҳнат ярмаркалари, коворкинг марказлари фаолиятининг натижадорлиги ўрганилиб, натижаси бўйича 335 нафар фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 201 нафари касбга ўқитишга юборилди, 118 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. Шунингдек, 105 нафар фуқаролар ўзини-ўзи банд қилиш, 2 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик қилиш орқали меҳнатга жалб этилди.
Шу билан бирга, ўтказилган сайёр қабуллар давомида фуқаролардан келиб тушган 533 та мурожаатдан 217 таси ижобий ҳал этилиб, 316 таси назоратга олинди.
Вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида қўшимча равишда 50 та йўл белгилари ўрнатилиб, 43 та светофор таъмирланди ҳамда 34 та жойда йўл белгиларини тиклаш каби бошқа бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, 30 та саноат объектлари техник қўриқловга олиниб, 30 та хонадон, 19 та олис ҳудудларда жойлашган объектларда сигнализация тизимлари ўрнатилди.
Шунингдек, маҳаллаларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ва уларни қаноатлантириш даражаси танқидий ўрганилиб, бугунги кунда жами 43 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 1093 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши таъминланди.