БОЛАЛАРНИНГ БЎШ ВАҚТИ МАЗМУНЛИ ЎТКАЗИЛМОҚДА.
Мамлакатимизда ёшларимизнинг қалбидаги ватанпарварлик туйғуларини ҳамда она Ватанимизга бўлган муҳаббатларини янада кучайтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида бир қатор мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасида Марғилон шаҳрида жойлашган 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Меҳрибонлик уйининг 82 нафар ёшлари иштирок этишди.
Ташриф давомида ёшлар ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Спорт машғулотлари учун ажратилган майдонларда ҳарбий хизматчилар билан биргаликда машғулотлар ўтказишди.
Шу билан биргаликда Миллий гвардия фаолиятида асосий эътиборлардан бири ҳисобланган Қора байир зотли отлар иштирокида ўтказилган чиқишлар ҳам ёшларнинг от спортига бўлган қизиқишларини уйғотди.
Тадбир жараёнидаги ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши, ёшларнинг қалбида “Мен ҳам ватан ҳимоячиси бўламан” деган олий мақсад жой олишига хизмат қилди.