БОЛАЖОНЛАР ҚАЛБИДА БИР ОЛАМ ҚУВОНЧ
Ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни турли спорт тўгаракларига жалб этиш орқали иқтидорларини рўёбга чиқариш борасида мамлакатимиз бўйлаб кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол, жасур, мард ва соғлом бўлиб етишишлари учун кенг қамровли ижтимоий аҳамиятли дастурлар амалга оширилмоқда.
1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтимизнинг барча меҳрибонлик уйларидан 100 га яқин тарбияланувчилари иштирокида Миллий гвардия кавалерия эскадрони мажмуасида “Ёшлар келажагимиз” шиори остида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Фахрий қоровул кавалерия эскадрони ҳарбий хизматчилари ўзларига бириктирилган хизмат отлари билан амалга оширган кўргазмали чиқишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, профессионал от спорти усталари томонидан от миниш ва уни парваришлаш сирлари борасида ёшларга маҳорат дарслари ўтказилди. Бу эса ўз навбатида тарбияланувчиларда от спортига бўлган меҳрини янада ортишига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
Шунингдек, мазкур тадбир беш муҳим ташаббус доирасидаги йўналишларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, болалар унда спортнинг шахмат-шашка ҳамда стол тенниси турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда ўз маҳоратини синаб кўриб, китобхонлик танловида қанчалик бадиий адабиётга ошно эканликларини намоён этишди.
Очиқ осмон узра яхши ниятлар билан учирилган кабутар ва эзгу тилаклар битилган пуфаклар болажонларга кўтаринки кайфият бағишлади.