Бухоро вилоятида қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мингдан зиёд томошабинлар иштирокида улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди.
Ғиждувон туман ҳокимлиги, вилоят улоқ-кўпкари федерацияси, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда бир гуруҳ ҳомийлар ташаббуси билан от спорти бўйича улоқ-кўпкари мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа Ғиждувон туманининг Барака чўл ҳудудида ўтказилди. Миллий спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мусобақада 200 нафардан зиёд чавандозлар ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, улоқ кўпкари — Ўрта Осиё халқларининг қадимий мусобақаси бўлиб, минглаб ўйинчилар отда, чанг-тўзонда, ҳаяжон ва қўрқувда улоқ учун курашадилар.
Кўпкари турнири ўзбек халқининг қадимий даврларига бориб тақаладиган бой маданияти, этноспорт турларидан бири ҳисобланади.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақада фаол иштирокчилар ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.