Чет давлатларига кетган ўқувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан он-лайн конференц алоқа шаклидаги учрашув бўлиб ўтди
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада бир қатор қарорлар ишлаб чиқилиб, ундаги вазифалар амалиётга жорий этилмоқда.
Президентимизнинг 2024-йил 5-февралдаги тегишли қарори билан, мактабларда Миллий гвардия зиммасига ўқувчиларнинг давоматини яхшилаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш каби вазифалар юклатилди. Ҳозирда мазкур топшириқларни ижросини таъминлаш борасида манзилли ишлар йўлга қўйилган. Миллий гвардия Марказий девонида Миллий гвардия қўмондонлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида хорижга ота-оналари томонидан олиб чиқиб кетилган ўқувчиларни таълим олишини таъминлашга қаратилган он-лайн конференц алоқа шаклидаги ёшлар билан учрашув ҳам юқоридаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир десак муболаға бўлмайди.
Чет давлатига кетган ўқувчи ёшлар таҳлил қилинганда, ҳозирда 4 289 нафар мактаб ўқувчилари чет давлатларида бўлиб, уларнинг 570 нафари мактаб таълимига жалб этилмаган. Шу сабабли бўлиб ўтган мазкур онлайн видеомулоқотда Россия, Туркия, Хорватия, Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатларидан иштирок этган 150 нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ҳамда уюшмаган ёшлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, уларни таълимга қайтиш борасида суҳбатлашилди.
Тадбир давомида муаммоли масалалар билан мурожаат қилган 31 нафар ёшларнинг Ўзбекистон Республикасига қайтиш ва умумий ўрта таълимни давом эттириш тўғрисидаги муаммоларини қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.