Давлат раҳбарининг ҳудудларда аҳолининг ижтимоий муаммоларини ечими ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан берган топшириқларининг ижроси Самарқанд вилоятида Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб натижалари сарҳисоб қилинди
Мазкур йиғилиш Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирокида ва Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев раислигида ҳокимият биносида ўтказилди. Танқидий руҳда бўлиб ўтган ушбу видео-селектор тарзидаги йиғилишда идоралараро ишчи гуруҳ таркибидаги мутасадди раҳбарлар, маҳаллий Давлат органлари масъуллари шунингдек, соҳага оид ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда вилоят аҳолисининг электр энергияси, газ ҳамда ичимлик суви билан таъминланиш аҳволи ва фуқароларнинг ушбу тизимдан розилиги, истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлиги, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда бешлик яъни сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш, шунингдек аҳолини ташвишга солаётган долзарб кундалик ижтимоий-маиший муаммоларни ечимини топишда секторлар фаолиятининг самарадорлиги, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик, ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш амалиётига оид масалалар муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ мутасадди раҳбарларининг ҳар бири белгилаб берилган асосий йўналишлар бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот беришди.
Ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган муаммоли масалалар чуқур ва танқидий таҳлил қилиниб, Ташкил этилган тезкор штабда уларни ечими юзасидан ҳамкорликдаги йўл харитаси ишлаб чиққан ҳолда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан топшириқлар берилди.