“Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи ғолиблари муносиб тақдирландилар
Мазкур мусобақа ҳар йили ўтказилиши анъанага айланиб улгурган ҳолда Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.
Миллий гвардия Тошкент Темурбеклар мактабида уч кун давомида бўлиб ўтган ушбу мусобақада республикамиз бўйлаб Тошкент шаҳри ва вилоят босқичларидан ўтган биттадан жамоалар ва Қорақалпоғистон Республикасидан 2 та жамоа жами 16 та жамоа иштирок этди. 9-11 синф ўқувчиларидан шакллантирилган жамоалар 10 та шарт бўйича ўзаро рақобатлашди. Иштирокчиларни бир мақсад сари бирлаштирган ушбу ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний натижаларига кўра ғолиб бўлган жамоаларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим Миллий гвардия марказий девонида бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р. Джураев, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Ф.Боқиев, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Х.Саттаровлар иштирок этишиб, ўқувчиларни мазкур тадбирда муваффақиятли қатнашганлиги муносабати билан самимий тилакларини билдиришди. Шундан сўнг, раҳбарлар томонидан ғолибларга диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар топширилди ҳамда турли номинациялар бўйича ҳам жамоа сардорлари муносиб рағбатлантирилди.
Хусусан, биринчи ўрин ғолиби бўлган Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридан ташриф буюрган 11-сонли мактаб жамоаси медал, диплом, кубок ва 43-дюймли телевизорлар топширилди.
Иккинчи ўринни қўлга киритган Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жойлашган 18-мактаб жамоасининг ҳар бир иштирокчисига велосипед, диплом, медал ва мусобақа кубоги билан рағбатлантирилди. Сўнгра эса 3-ўринни эгаллаганлиги учун Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 168-мактаб жамоаси иштирокчилари 32-дюймли телевизор, диплом, медал ва мусобақа кубоги билан тақдирланадилар.
Тадбир сўнгида Миллий гвардия алоҳида намунали оркестри жамоаси томонидан мусиқий чиқишлар намойиш этилиб, барча иштирокчиларга хушкайфият улашилди. Шундан сўнг, тадбир меҳмонлари ва Ёш гвардиячилар томонидан хизмат вазифасини бажариш чоғида жасорат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимиз номлари битилган “Хотира майдонига” гулчамбарлар қўйилди.
Мусобақада иштирок этган барча ўқувчилар учун Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан экскурсия ва маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкиллаштирилди. Айниқса, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда жойлашган Ғалаба боғида бунёд этилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги ҳамда "Хотира нури" композициялари ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.