ЭЗГУ ВА САВОБЛИ ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида юртбошимиз ташаббуси билан "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" жорий этилган. Бугунги кунда мазкур дафтарларга рўйхатга олинган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Миллий гвардия ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатмоқда. Биргина мисол Мирзо Улуғбек туманида 65 ёшли аёл фарзанди билан шу кунга қадар оғир шароитларда ташландиқ жойда яшаб келганлиги аниқланди. Миллий гвардия томонидан она-боланинг шароити ўрганилиб, «Олмачи» маҳалласидаги ётоқхонага жойлаштириш чоралари кўрилди. Хона таъмирталаб бўлганлиги сабабли ҳозирда туман «Қўриқлаш» бўлими томонидан у ерда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, хонани керакли мебель ва буюмлар билан жиҳозлаш режалаштирилди.
Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманидаги «Йўлдош» маҳалласида яшовчи 66 ёшли 2-гуруҳ ногирони Й.A. (эркак) ва боқувчисини йўқотган 59 ёшли 2-гуруҳ ногирони З.Й (аёл) хонадонларида таъмирлаш ишлари Миллий гвардия томонидан йўлга қўйилди.
Бугунги кунда маҳаллаларда дўстлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилалар, бемор ва ногирон инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича эзгу ва савобли ишлар кучайтирилмоқда.