Фарғонада ёш параспортчиларга амалий ёрдам кўрсатилди
Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматов томонидан давлатимиз раҳбарининг қарорлари ҳамда соҳада белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятида манзилли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ташриф доирасида қўмондон Фарғона вилоятида фаолият юритаётган Чавандозлар мактабига ташриф буюриб, у ерда таълим олаётган ўқувчи-спортчилар, жумладан пара от спорти билан шуғулланаётган ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
Маълумки, мазкур мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 100 нафардан ортиқ ўқувчи-спортчилар от спорти турлари билан шуғулланиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 8 ноябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Чавандозлар мактабида пара от спорти бўлими ташкил этилди. Ушбу йўналишда малакали мутахассислар томонидан ногиронлиги бўлган ёшларни спортга жалб қилиш, уларнинг жисмоний ва маънавий реабилитациясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қўмондон ташриф давомида параспортчилар билан суҳбатлашар экан, улар учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, ҳаракатланишдаги қулайликлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. Суҳбат жараёнида спортчилар томонидан ногиронлик аравачаларига эҳтиёж борлиги билдирилди.
Мазкур мурожаат тезкорлик билан кўриб чиқилиб, амалий ечим топди. Натижада Миллий гвардия ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар доирасида Инсон ҳуқуқлари ижтимоий ҳимоя маркази ва ҳомийлар томонидан 4 дона ногиронлик аравачаси ва 4 дона қўлтиқ таёқ, шунингдек Фарғона вилояти Спорт бошқармаси томонидан 11 жамланма спорт кийимлари тақдим этилди.
Ушбу хайрли иш ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шу орқали жамиятда фаол иштирокини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Бундай эътибор ва ғамхўрлик, албатта, ёш спортчиларни янги ютуқларга руҳлантириб, уларнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.