Фарғона вилоятида Наврўз айёми муносабати билан улоқ- кўпкари мусобақалари ўтказилди
Улоқ, кўпкари – Ўрта Осиё халқларининг қадимий оммавий, миллий ўйинларидан бири ҳисобланади. Асосан, ғалаба ва ҳосил байрамлари, тўй ва сайллар муносабати билан ўтказилади.
Бугун, Фарғона вилояти Миллий гвардия "Чавандозлар мактаби" да Наврўз умумхалқ байрами арафасида Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган моҳир чавандозлар ўртасида улоқ-кўпкари мусобақаси бўлиб ўтди.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақада моҳир чавандозлар бор имкониятларини ишга солган ҳолда, ғалаба учун курашдилар.
Эътироф этиш жоизки, мазкур тадбирга вилоятларнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 200 га яқин чавандозлар, шунингдек, тадбирни томоша қилиш учун 1000 дан зиёд от спорти ишқибозлари, ёшлар, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда спорт ихлосмандлари йиғилди.
Мусобақа давомида, Миллий гвардия “Қўриқлаш”бошқармаси томонидан камондан отиш спорт мусобақалари, от устида кураш сингари миллий ўйинлар ташкил этилди.
Беллашув якунига кўра ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан совринлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.