ФАХРИЙЛАР КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари тузилмаларида бугунда фахрийлар кенгашлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар устоз-шогирд анъаналарини давом эттирган ҳолда ёш мутахассисларга ўз тажрибаларини бериш билан бирга ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Шу мақсадда Миллий гвардия тизимида ҳам фахрийлар кенгашини фаолиятини йўлга қўйиш борасида бир қатор вазирликлар ва бошқа ташкилотларнинг бугунда самарали ишлаб келаётган фахрийлар кенгашларининг вакиллари ҳамда ҳудудлардаги бошқармалар фахрийлари иштирокида видеоконференцалоқа орқали семинар ўтказилди.
Унда фахрийларнинг бой малака ва тажрибаларини ёш авлодга ўргатиб боришларида улар ўртасида доимий мулоқот муҳитини йўлга қўйиш ва шароитлар яратиш, фахрийларнинг тиббий, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисида сўз юритилди.
Тадбирда фахрийлар кенгашлари Миллий гвардия таълим муассасалари, бириктирилган мактаб ва лицейлар ўқувчилари, “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва касбга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, уларни рағбатлантириш ва маданий-ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш ишлари йўлга қўйилиши қайд этилди. Албатта мазкур фахрийлар кенгашлари келгусида ўз фаолияти билан жамиятимизда, қолаверса ҳарбий қисм ва муассасаларда соғлом муҳитни шакллантириб,ёшлар учун ҳаётий ибрат намунаси бўлади.