Ўзбекистон функционал кўпкураш Федерацияси 3 ёшга тўлди!
Миллий гвардия қўмондонлиги ва шахсий таркиби Федерациясининг уч йиллиги муносабати билан спортчилар ва мураббийларини самимий муборакбод этиб, муваффақият ва ғалабалар тилайди!
Федерациянинг шаклланиши ва ривожланишига мазкур Федерация раисининг биринчи ўринбосари катта лейтенант Л.Темаеванинг ҳиссаси катта. Енгил атлетика бўйича спорт усталигига номзод, кўп карра медаль совриндори, функционал кўпкураш бўйича мураббий ва спортчи Любовь Авлиевна 2018 йилда КроссФитга қизиқа бошлаган. У функционал кўпкураш бўйича биринчи ўқув қўлланмаси муаллифи, ҳарбий хизматчи ҳамда ходимлар учун функционал кўпкураш дастури бўйича услубий қўлланма яратувчиси.
Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник M.Ғаниев раислигида Федерация яратилган йилнинг биринчи ойлариданоқ йирик мусобақалар ўтказилиши бошланди. Мамлакатимизнинг бир қатор етакчи спорт ташкилотлари билан шартнома ва меморандумлар имзоланди.
Хусусан, 2021 йилнинг ноябрь ойидаёқ функционал кўпкураш Федерацияси томонидан болалар ва катталар учун спорт секциялари очилди. Шу билан бирга, мураббий ва спортчилар ногирон ва руҳий касалликларга чалинган болалар, шунингдек Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратилди.
Шу кунгача Тошкент шаҳрининг ўзида 20 та янги спорт секциялари очилди. Мазкур спорт тури билан спортчи ва ҳаваскорлар ҳудудлардаги спорт клубларида фаол шуғулланиб келишмоқда. Қувонарлиси шундаки, функционал кўпкураш маҳаллий ёшлар ўртасида ҳам кенг оммалашмоқда.
2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб 5 нафар имконияти чекланган болалар профессионал спортга тайёрланди. Ҳозирда эса улар Миллий Паралимпия терма жамоаси аъзолари ҳисобланишади, шунингдек 20 дан ортиқ болалар футбол, таэквандо ва велоспорт каби спорт турлари бўйича ўқитилди.
Федерация томонидан Ўзбекистонда 10 та халқаро турнир ташкил этилди ва ўтказилди. Кўпкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси халқаро майдонда ўзини кўрсатиб, олтин ва кумуш медалларга эга бўлди ва бугунги кунда спортчилар сони ортиб бормоқда. Ҳозирда ҳаваскорлар тоифасида 50 га яқин спортчилар, профессионал тоифада эса 20 нафар спортчилар мавжуд. Тошкент шаҳрида 15 нафар, Самарқандда 10 нафар мураббий малака оширди ва тайёрланди.
Федерация жорий йилнинг 17-19 май кунлари Осиё чемпионатига мезбонлик қилиш каби ютуқни қўлга киритганидан албатта фахрланамиз.
Федерациянинг мақсадли дастурида кўрсатилганидек, соғлом турмуш тарзи ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини яхшилаш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида функционал кўпкурашни оммалаштириш, шунингдек, ушбу соҳада хорижий давлатлар билан халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича кўп ишлар амалга оширилмоқда.
Функционал кўпкурашнинг пайдо бўлиш тарихи жудаям қизиқарли, дастлаб, у 80-90-йилларда умумий жисмоний тарбия тизимида ишлаб чиқилиб, жорий қилинган. У ҳарбий хизматчилар, мактаб ўқувчилари ва университет талабалари ўртасида жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, спортчиларнинг мусобақаларга тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланилган.
2000 йилда Грег Глассман ва унинг рафиқаси Лаурен Дженай КроссФит (инглизча кросс - "кесиб ўтмоқ", “фитнес” - "фитнесс")га асос солди, бу оғир атлетика, сакраш элементлари билан интенсив интервалли машғулотлар, пауэрлифтинг (спортчи учун энг оғир бўлган оғирлик қаршилигини енгиш), югуриш, гимнастика, оғирликни кўтариш ва бошқа спорт машғулотларини ўз ичига олади.
Мамлакатимизда ушбу спорт тури 2021 йил 23 август ойида Функционал кўпкураш сифатида расман рўйхатга олинди.
Янги спорт тури нафақат ёшлар орасида, балки аҳолининг барча қатламлари орасида тез оммалашиб бормоқда. Масалан, 35+ ёш тоифасида спортчилар сони ортиб, бугунги кунда улар сони 20 нафарга етди.
Ўзбекистон кўпкураш Федерацияси спортчи ва мураббийлари келажакда халқаро ва Олимпиа ўйинларида юқори натижаларга эришиб, мамлакатимиз байроғини кўкларга кўтарилишига ўз ҳиссаларини қўшишларига Миллий гвардия қўмондонлиги ишонч билдиради ва бу борада уларга улкан зафарлар тилаб қолади.