ФИРИБГАРЛАРГА ИШОНИБ АФСУСДА ҚОЛМАНГ!
Мамлакатимиз бўйлаб Миллий гвардия ҳудудий бўлинмалари ва жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари ҳамкорлигида маҳалла кесимида аҳоли ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги профилактик чора тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шунингдек, Миллий гвардия ва ИИВ расмий каналларида юртдошларимизни фирибгарлардан огоҳлантириш мақсадида бериб борилаётган хабарларига қарамасдан айрим фуқароларнинг ёлғон ваъдалар берувчи шахсларга алданиб қолаётганликлари кузатилмоқда.
Хусусан, олинган ва ўрганилган маълумотларга кўра 2020 йилнинг сентябрь ойида Қўштепа тумани Боғишамол кўчасида яшовчи 1970 йилда туғилган фуқаро Ф.Ю., Марғилон шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқаро А.Қ.нинг ишончига кириб, танишлари орқали Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишни ваъда берган ҳолда ундан 24 150 000 сўм пулни олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани ва шу кунгача яшириниб юргани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир амалга оширилиб, фуқаро Ф.Ю.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Фарғона вилояти ИИБ томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар пул эвазига қайси соҳага бўлишдан қатъий назар ишга ёки ўқишга киритиб қўяман деб ёлғон ваъда берувчиларга ишониб қолманг.
Шундай инсонлар учраб қолса қуйидаги кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб мурожаат қилишингиз мумкин.