Функционал кўп кураш бўйича Миллий гвардия биринчилиги бўлиб ўтди.
Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармаларидан келган 6 та жамоа функционал кўп кураш (кроссфит) бўйича ўтказилган биринчилик мусобақаларида иштирок этди. Унда 17 нафар гвардиячи ўзининг чидамлилиги, кучи ва тезлигини намоён қилиб, юқори спорт руҳида кураш олиб борди.
Мусобақа доирасида жамоалар учта мураккаб машқлар мажмуасини бажаришди. Ушбу машқлар гвардиячиларнинг умумий жисмоний тайёргарлигини, координациясини ва функционал имкониятларини аниқлашга қаратилган бўлиб, беллашувлар ниҳоятда шиддатли ва ҳаяжонли кечди.
Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўрин — Тошкент шаҳар жамоасига, 2-ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси жамоасига, 3-ўрин эса — жамоат хавфсизлиги университети жамоасига насиб этди.
Мазкур спорт тадбири гвардиячиларнинг жисмоний тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, шунингдек, бўлинмалар ўртасида спорт маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.