Гвардиячиларнинг жанговар, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-услубий йиғин ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қуролли кучларимизнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш борасидаги белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан аниқ чора-тадбирлар режалаштирилиб, ҳозирда мазкур йўналишдаги ишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Миллий гвардия тизимидаги батальон командири ўринбосарлари, хизмат бошлиқлари, оилалар билан ишлаш бўйича катта офицерлар, психолог мутахассислар, тиббиёт ходимлари ҳамда ахборот хизмати ходимлари билан ўтказилган ўқув-услубий йиғини ҳам ушбу ишларнинг мантиқий давомидир.
Тўрт кунлик ўқув-услубий йиғинининг дастлабки кунида назарий билимлар, яъни ҳарбий низомлар, жанговар кўллашдаги янги ёндашувлар, маънавий-маърифий тайёргарлик ва ёшларга оид давлат сиёсатини юритишнинг янги тизими ҳамда киберхавфсизлик ва жанговар ҳолатларда ахлоқий руҳий таъминотни таъминлаш, даволаш профилактик тадбирлари, психологик хизматнинг ютуқ ва камчиликлари тўғрисида мутахассислар томонидан маърузалар қилинди.
Шунингдек, гвардиячиларнинг назарий ва амалий билимларини уйғунлигини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент ҳарбий округига қарашли "Ангрен" дала уқув майдонида амалий машғулотлар давом эттирилди. Унда 11 та ўқув нуқтаси ташкиллаштирилиб, юқорида санаб ўтилган таркибий бўлинмалар мутахассисликлари бўйича жамоаларга бўлган ҳолда, кундузги ва тунда отиш тайёргарлиги, тактик тиббий тайёргарлик ҳамда уларнинг жисмоний зўриқишларга чидамлилигини оширишга қаратилган махсус психологик йўлакларда синовлар қабул қилинди.
Мазкур ўқув йиғинида гвардиячи йигитлар билан бир сафда хизмат қилиб келаётган гвардиячи қизларнинг фаол иштирок этганлиги, тизимда гендер тинглик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг яққол намунасидир.
Дала ўқув майдонидаги синовлар узоқ масофага марш юриш ва югуриш билан якунланди. Унда ҳаракатланаётганлар олдига реал ҳолатга яқинлаштирилган бир нечта заҳарланган ҳудуддан ўтиш ва қуролли ҳужум каби тўсиқлар қўйилди. Ушбу ностандарт вазиятда тезкор қарор қабул қилган гвардиячилар тўсиқларни мардонавор енгиб ўтиб, талофатсиз маррага етиб боришди.
Ўқув йиғининг кейинги куни кўргазмали машғулотлар билан давом эттирилди. Жумладан Ҳарбий қисмлар ва Жамоат хавфсизлиги университети базаларида оммавий тартибсизликлар ва махсус операциялар мобайнида гвардиячиларга ахлоқий руҳий таъминотни ташкиллаштириш, руҳий бардошликни оширишга қаратилган мажмуавий тўсиқлар йўлаги ва жисмоний зўриқишлар остида турли табиий ва сунъий тўсиқлардан ўтиш техникаси ҳамда траншеяларда жанговар ҳаракатларни олиб бориш тактикаси бўйича кўргазмали чиқишлар қилинди. Шунингдек, янги саф низоми бўйича ҳам саф элементлари бажариб кўрсатилиб, шартли равишда фавқулодда ҳолатларда оилаларни хавфсиз ҳудудга кўчириб ўтказиш бўйича вазифалар бажарилди.Тадбирнинг сўнги кунида, гвардиячиларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳам синовдан ўтказилиб, баҳоланди.
Ўқув-услубий йиғини якуни конференция билан ниҳояланди. Анжуман давомида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.