Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ
9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида вилоят ҳокимлиги, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилиб,бугунги тинч ва осуда кунлар учун жонини фидо қилганлар хотираси ёдга олинди.
Хотира ва қадрлаш куни олдидан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари хонадонларига йўқловлар уюштирилиб, уларга яна бир карра иззат-икром кўрсатилди. Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида вилоятда умргузаронлик қилаётган 10 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисига бир марталик пул мукофоти, Президент табриги етказилди ва қимматбаҳо совғалар тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.