ИНСОН ҚАДРИ - УЛУҒ, ХОТИРА - МУҚАДДАС
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилиш, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган аждодларимизнинг холидан хабар олиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси масъул ходимлари 110 ёшни қаршилаган Турдиев Пирназар отанинг хонадонига ташриф буюрдилар. Юзма-юз суҳбатлар чоғида уруш фахрийси дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди.
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби улкан эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.