Янги Ўзбекистон боғида бўлиб ўтган Янги нафас умуммиллий ҳаракати доирасида “Талаба югур” оммавий югуриш мусобақаси ёшларни бир мақсад сари бирлаштирди
Ўзбекистон байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган тадбирлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
Бугун "Янги Ўзбекистон" боғи ҳудуди бўйлаб пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида жойлашган Куч тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар олий таълим муассасалари курсантлари, шунингдек, давлат олий таълим муассасаси талабаларидан иборат 1600 мингга яқин ёшлар иштирок этишди.
Хусусан, марафонда иштирок этган 400 га яқин курсант ва тингловчилар орасида Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетининг 100 нафар курсантлари ҳам фаол иштирок этиб, 3 км масофани тўлиқ босиб ўтишиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритишди.
Тадбирда Миллий гвардия Фахрий қоровули ҳарбий хизматчилари томонидан Давлат байроғининг олиб чиқилиши барчада ватанпарварлик ва миллий ғурур ҳиссини уйғотди.
“Талаба югур” бу – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси билан ҳамкорлиги натижасига айланган кенг кўламли лойиҳа ҳисобланади. Талабалар орасида жисмоний фаолликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, шунингдек, ёшларнинг уйғун ва ҳар томонлама ривожланишидаги энг муҳим таркибий қисмлар сифатида спорт ва таълимни бирлаштиришга хизмат қилади.