Жиноятчиликни олдини олиш ҳамда “Хавфсиз пойтахт” тамойили асосида Тошкент шаҳрида профилактик ва тезкор тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Пойтахтга кириш-чиқиш назорат пунктлари — блокпостларда хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан шубҳали ҳолатлар доимий текширилиб, қонунбузарликларнинг олди олинмоқда.
20 март куни Бектемир тумани “Шарқ” блокпостида А.И. бошқарувидаги Lacetti автомашинаси тўхтатилиб текширилди. Ундаги йўловчи, 23 ёшли Й.С. холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ёнидан ўткир ҳидли яшил модда аниқланди. Шундан сўнг, тунги вақтда шу ҳудудда X.Р. бошқарувидаги Nexia автомашинаси ҳам текширилиб, йўловчи — 2002 йилда туғилган M.Ш.нинг чўнтагидан 7 дона оқ-сариқ рангли капсюла топилди. Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаролар Бектемир тумани ИИБга топширилди.
21 март куни Янгиҳаёт тумани “Бинокор” блокпостида ўтказилган текширувда 36 ёшли И.И.нинг пайпоғидан оқ рангли кукунсимон модда аниқланган. Шунингдек, Nexia-2 русумли автомашинани бошқариб келаётган 32 ёшли M.X. текширилганда, ёнидан тақиқланган модда топилмаган бўлса-да, у ўз сўзи билан психотроп модда истеъмол қилганини билдирган. Ушбу ҳолатлар бўйича фуқаролар Янгиҳаёт тумани ИИБга олиб кетилган.