КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИ БЎЙИЧА ПРОФИЛАКТИК ИШЛАР
Республикамиз бўйлаб карантин қоидалари кучайтирилганлиги муносабати билан Миллий гвардия Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишини олдинини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан боғлиқ чора-тадбирлар янада кучайтирилди.
Хусусан, ходимлар қўриқланиб келинаётган давлат объектлари ва аҳолига хизмат кўрсатувчи турли ташкилотларда карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Бундан ташқари, ушбу объект ва ташкилотларга иш юзасидан ташриф буюрган фуқароларга соҳа ходимлари томонидан бинога киришларидан олдин янги тиббий ниқоб ва қўлқоплар тарқатилмоқда. Бу каби профилактик ишлар давомийлиги жамоат саломатлигини таъминлашда ўз самарасини кўрсатмоқда.