Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Италиянинг Жезоло шаҳрида Кикбоксинг бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионати совриндори бўлди.
15-23 октябрь кунлари ўтказилган мусобақада дунёнинг 50 га яқин давлатидан 4 минг нафардан ортиқ спортчи иштирок этди.
Кескин баҳсларга бой бўлган чемпионатда кикбоксингчиларимиз битта кумуш ва бешта бронза медалини қўлга киритишди. Терма жамоа таркибида иштирок этган халқаро тоифадаги спорт устаси, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, лейтенант Батирбек Хожабеков 91 кг вазн тоифасида учинчи ўрин учун кечган баҳсда қувайтлик Алҳусанни Жаззани 3-0 ҳисобида мағлуб этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Жаҳон чемпионати иштирокчилари ва совриндорлари 24 октябрь тонгида пойтахтимиздаги халқаро аэропортда кенг жамоатчилик, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муносиб кутиб олинди. Спортчиларимизга келгуси халқаро мусобақаларда зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.