Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган бир қатор тадбирларда Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев иштирок этди
Бугун Миллий гвардия қўмондони генарал-майор Р.Джураев пойтахтимизнинг Учтепа тумани Найман маҳалласида жойлашган турар жой мажмуасига ташриф буюриб, мажмуада истиқомат қилувчи Оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларини байрам билан самимий қутлади.
Шунингдек, қўмондон тадбир меҳмонлари иштирокида Азизовлар оиласининг уч нафар фарзандининг хатна тўйлари ўтказилаётганлиги муносабати билан болажонларга совғалар улашди.
Шундан сўнг, барча мутасаддилар Миллий гвардия қошидаги Болалар психологияси маркази ҳамда ҳомийлар томонидан Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли ва Тошкент шаҳридаги 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ташкил этилган “Sumalak-party”да иштирок этди.
Байрам ёш полвонларнинг турли чиқишлари ҳамда цирк томошалари билан бошланиб, Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази Ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари ҳамда Алоҳида намунали-кўргазмали ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар билан давом этди.
Айниқса, Болалар психологияси маркази мутахассислари томонидан энг қизиқарли ва айни пайтда фойдали, ривожлантирувчи, бўш вақтини мазмунли ўтказиш имкониятини берувчи бурчакларнинг ташкил этилиши болаларда катта қизиқиш уйғотди .
Шу билан бирга, Маънавият ва маърифат маркази қошида фаолият юритаётган спорт секциялари, рақс жамоасининг чиқишлари, камондан отиш ва от миниш бўйича маҳорат сабоқлари ҳамда байрам дастурхони барчанинг эътирофига сазовор бўлди.
Бу каби байрамона тадбирлар Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмаларида давом этмоқда.