Жорий йилнинг 28-30 октябрь кунлари Тошкент шаҳар “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бўлиб ўтган Қўл жанги спорт тури бўйича Миллий гвардия қўмондони кубоги мусобақаси ўз якунига етди
Шиддатли ва қизиқарли жангларга бой бўлган мазкур мусобақа баҳсларида тизимнинг таркибий ва ҳудудий бошқармаларидан 20 та жамоа сафида 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчи ва ходимлар 9та вазн тоифасида ўз имкониятларини синаб кўришди. Аёл ҳарбий хизматчи ва ходимлар бўлса, 3та вазн тоифасида баҳсларга киришдилар.
Мусобақанинг дастлабки икки кунида спорт усталари томонидан муросасиз жанглар бўлиб ўтди ва унда маҳоратини намоён эта олган иштирокчилар финал босқичига йўлланма олди.
Совриндорларни тақдирлаш мақсадида ташкил этилган тантанали маросимда Олий мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раиси-Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Косимов ва федерация раисининг ўринбосарлари шунингдек, Миллий гвардия мутасадди раҳбарлари ҳамда бошқа бир қатор давлат ташкилоти вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур тадбирда Миллий гвардия қўмондони сўзга чиқиб давлатимиз раҳбарининг спортга қаратаётган эътибори ва бу борада ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимларининг ҳам турли спорт турлари бўйича нафақат мамлакатимизда балки Ҳалқаро ареналарда ҳам юртимиз байроғини юқори кўтарган ҳолда эришаётган ютуқлари ҳамда улар муносиб рағбатлантириб келинаётганликларини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг уч кун давом этиб келаётган ушбу мусобақанинг финал босқичига йўлланма олган спортчиларга омад тиланди.
Беллашувларнинг сўнгги куни спортчиларимиз фақат ғолиблик учун майдонга тушиб, бош соврин учун курашишди. Эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада баҳсларга жиддий тайёргарлик кўрган иқтидорли спортчилар орасидан янги номлар кашф этилди.
Маросимда иштирокчилар учун халқимиз суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган ҳарбий-ватанпарварликка ундовчи куй-қўшиқлар ҳамда ёш спортчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари барчага манзур бўлди.
Тадбир сўнгида, ғолиб ва совриндорлар масъул раҳбарлар томонидан мусобақа медали ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Якуний натижаларга кўра умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси, 2-ўринни қўлга киритган Андижон вилояти ҳамда 3-ўринга эгалик қилган Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари вакилларига “Қўмондон кубок”лари топширилди.
Эътироф этиш керакки, бундай мусобақалар келгусида ушбу спорт турини ёшлар ўртасида оммалашиши, ёш иқтидорли спортчилар кашф этилиши ва уларнинг халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.